Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонун билан 26 сентябрь Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди.Бу ҳақда “Huquqiy axborot” Telegram-канали хабар берди.

Мазкур қонунда 26 сентябрь кунини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида белгилаш назарда тутилган.

2018 йил 2 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра, олдинроқ ДХХ касб байрами 5 апрель куни нишонланар эди.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш Давлат хавфсизлик хизматининг тарихи аслида Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябрда қабул қилинган ПФ-265-сонли фармонига бориб тақалиши кўрсатади, дейилади Сенат хабарида.

Бугунги кунда 5 апрель санасини Давлат хавфсизлик хизмати куни сифатида нишонлаш (Хизматнинг 30 йиллиги) хавфсизлик идораларининг фаолият юритишини ҳисоблашда қарама-қаршиликни келтириб чиқармоқда.

Чунки ўтган йиллар давомида (2006, 2011 ва 2016 йиллар) хизматнинг тантанали юбилейларига Давлат хавфсизлик хизматининг хорижий ҳамкорлари таклиф этилиб, уларга эсдалик нишонлари топширилган.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами нишонланганидан сўнг, 26 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг 30 йиллигини ўтказиш мантиқан тўғри ҳисобланади“, — дея таъкидланган баёнотда.

Ушбу қонуннинг маъқулланиши Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг маънавий-руҳий кайфиятини, хизмат учун фахр туйғуси янада кучайиши, авлодлар ўртасида устоз-шогирд анъаналари сақланиб қолиши, хизматнинг фахрийларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар ўртасида давлат хавфсизлик идоралари имижини мустаҳкамлаш имконини беради”.

Аввалроқ, Сенат ялпи мажлисида Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси маъқулланган эди.