“Толибон” ҳокимият тепасига келганидан кейин 150 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари Афғонистоннинг 20 вилоятида ўз фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда Tolo News хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ОАВлар уларга нисбатан бўлган чекловлар ва иқтисодий муаммолар туфайли фаолиятларини тўхтатишган.

Ихтисослашган ташкилотлар вакиллари агар бу муаммолар ҳал этилмаса, ўз фаолиятини тўхтатган оммавий ахборот воситалари кўпайиши мумкинлигини айтишди.

“Агар оммавий ахборот воситаларини қўллаб -қувватлайдиган ташкилотлар, ОАВга эътибор бермасалар, биз тез орада мамлакатда қолган ОАВ ёпилганига гувоҳ бўламиз”, – дейди Афғонистон журналистлар федерацияси раҳбари ўринбосари Хўжатуллоҳ Мужададий.

Ишини тўхтатган оммавий ахборот воситалари орасида Афғонистоннинг учта вилоятида кўрсатиладиган  Inakas телеканали бор.

Телеканал вакили, исмини ошкор қилмаслик шарти билан, бир қатор компаниялар телеканалда реклама учун пул тўлашни тўхтатгандан сўнг, молиявий қийинчиликлар туфайли эфирни тўхтатишга тўғри келганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш юз берди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий хизматини тўхтатди. 6 сентябрь куни “Толибон” Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир жанглар билан ўз назоратига ўтганини эълон қилди.