Афғонистоннинг янги ҳукумати “Толибон” ҳаракати вакиллари “Ҳайратон” станциясида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан учрашиш учун келди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Бугун 14 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра ун, ёғ, гўшт, гуруч ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, тиббий буюмлар ва болалар трикотаж маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдами 25 та вагондан иборат эзгулик поездида Афғонистон Ислом Амирлигига етказиб берилди.

Шу муносабат билан дастлаб “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли “Ҳайратон” станциясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид, Балх вилояти губернатори Қудратилло Aбу Ҳамза ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Шундан сўнг “АСТРАС” ОАЖ қабуллар уйида ташкил этилган расмий маросимда Aфғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон Республикаси Президентининг биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг амалий ифодаси сифатида баҳоланди.