Кобул аэропорти ходимлари, жумладан аёллар ҳам “Толибон” талабига биноан ишга қайтишмоқда, деб хабар берди Tolo News.

“Бизни ишга қайтишни сўрашганидан хурсандмиз. Биз ҳукумат бундан буён маошимизни тўлашини истаймиз”, – деди аэропортда ишлайдиган бири.

Аэропорт ходимлари толиблар келганидан кейин ишни тўхтатишга мажбур бўлишган “Биз ҳозир бепул ишлаяпмиз”, деб қўшимча қилди у.

Телеканал маълумотларига кўра, чегара полицияси ходимлари ҳам ишга қайтган, аммо ОАВ билан мулоқот қилишдан бош тортишган. “Толибон” ҳам изоҳ беришдан бош тортган.

15 август куни “Толибон” ҳокимиятга келганидан сўнг, давлат хизматчиларининг кўпчилиги ишга қайтмади.

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” бир ой олдин ҳукумат кучларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги 20 йилга яқин ҳарбий хизматини тўхтатди.

6 сентябрь куни Толибон Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир ўз назоратига ўтганини эълон қилди.

Унинг эртасига Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди. Унга биринчи “Толибон” даврида ташқи ишлар вазири бўлган ва БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охун бошчилик қилади.