Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ҳужжатда белгиланишича, сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектлар жумласига қуйидагилар киради:

-Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликларининг ҳудуди;

-мудофаа, саноат, аграр, энергетика, илмий-техника мажмуалари, сув омборлари ва гидротехника иншоотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, таълим ташкилотлари, жамоат ва турар жой бинолари;

-моддий ва маданий мерос объектлари;

-кўприклар, йўл ўтказгичлар, тоннеллар ва йўллар;

-муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, газ, сув, иссиқлик ва электр таъминоти тармоқлари.

Сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектлар аҳамиятига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:

-I тоифа – хавфлилик омили паст бўлган объектлар;

-II тоифа – хавфлилик омили ўртача бўлган объектлар;

-III тоифа – хавфлилик омили юқори бўлган объектлар;

-IV тоифа – хавфлилик омили жуда юқори бўлган объектлар.

Вазирлар Маҳкамаси сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида сейсмик хавф даражасини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мониторингини доимий равишда олиб боради.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, трансчегаравий ҳудудларда, шунингдек табиий ва техноген хавф юқори бўлган ҳудудларда сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни ташкил этади, кучли зилзилалар юз бериши хавфи пайдо бўлганда уларнинг оқибатларини бартараф этишга доир зарур чоралар кўради ҳамда аҳолини ва давлат органларини кучли зилзилалар тўғрисида тезкор хабардор қилади.