Ҳозирда аввал “Бухоро” номи билан Про лигада кураш олиб бораётган, кейинчалик “Нурафшон” номига ўзгартирилган клубда молиявий муаммолар юзага келмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан Effect.uz журналисти ишончли манбаларга асосланган ҳолда маълумот бермоқда. Эътиборли томони ушбу маълумотлар клуб расмий каналида ҳам эълон қилинди.

“Аниқроғи, 4 нафар ходимни ишга олишди июль ойи бошидан. Контракт тузилди 6 ойлик. Ҳар ой якунида ойлик маош бериб борилади деб келишилди. Аммо 2 ойлик маош ҳали берилгани йўқ. Клуб бухгалтери бошқа ходимлар ҳали июнь ойининг маошини олишмаганини билдирди. Қачон беришлари номаълум. Бош директор ана. мана деб алдаб вақтни чўзиб юрибди.

Баҳона битта, ҳомий қачон пул ўтказса, кейин ойликлар берилар экан. Лекин ўтган ойда 3 та футболчининг 3 ойлик қарздорлиги ёпилган. Қарийб 400 млн сўмлик. Ходимлар ойлик олиши учун футбол ўйнаши керакми энди ёки футболчилар одаму, бошқа ходимлар одам эмасми? Бош директорга ҳам, бош мураббийга ҳам бир неча марта билдирганмиз, огоҳлантирганмиз. Реакция йõқ умуман. Шунинг учун ҳам охирги чора сифатида ОАВда вазиятни ёритдик. Бор гап шу, – “, – деди “Нурафшон” матбуот хизмати ходими.

Ўзбекистон Про лигасида Суперлига учун кураш олиб бораётган Бухоронинг “Нурафшон” клубида айни пайтда молиявий муаммо юзага келганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди.

Аввалроқ клуб маош юзасидан футболчилар билан муросага кела олмаган бўлса, энди ходимлар билан ҳам шундай муаммо юзага келмоқда.

Айни пайтда клубнинг матбуот хизматида фаолият олиб бораётган тўрт нафар ходимга июль-август ойларининг маошлари тўланмаётган экан. Шу сабаб клубнинг баъзи бир ходимлари иш ташлашга қўл уришган.

Ушбу тўрт нафар ходим клуб бош директори Ф. Ҳамроев ҳамда бош мураббий Усмон Тошевлар қачон ойликларни тўлаб беришса, кейин каналнинг фаолиятини давом эттиришлари ҳақида клуб расмий каналига пост жойлашган ҳамда шундан сўнг хабарлар жойлашни тўхтатишган.

Яна бир маълумот, клубнинг матбуот хизматида фаолият олиб борадиган ходимлардан ташқари яна кўплаб, ишчилар ҳам июнь ойидан бери маош олишмаётган экан.