Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонга юборилган гуманитар юк ҳақида батафсил маълумот берди. Вазирлик хабарига кўра, мазкур инсонпарварлик ёрдами ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пойафзаллардан иборат ва бу ўзбек халқининг биродар Афғонистонга кўрсатаётган хайрихоҳлигининг яна бир ифодаси.

“Маросимда сўзга чиққан Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатилаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлик билдирди”, – дейилган хабарда.

Қайд этилишича, Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон раҳбари биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли Афғонистон халқи чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоён бўлиши сифатида баҳоланган.