Бугундан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан бошланган Маданий мерос ҳафталиги қатор маданий тадбирларни ўзида мужассам этади.

“Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс пойдевори” мавзусида бўлиб ўтаётган V Халқаро Конгресс доирасида “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомларнинг 50 та янги жилди тақдимотлари ўтказилди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг махсус буюртмаси билан яратилган ва деярли ўрганилмаган қўлёзма “Сувар ал-кавакиб ас-сабита” (“Собит юлдузлар тасвири”) астрономик асари тақдимоти ташкил этилди. Унда Мирзо Улуғбекнинг Цефей юлдузлар туркуми шаклида тасвирланган миниатюраси, тилла бизлан битилган ёрлиқ ва китоб эгаси “тахтдаги олим” эканлигини таъкидловчи бошқа белгилар мавжуд.

Маданий мерос ҳафталиги доирасида яна қуйидаги тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган:

– 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форуми;

– форум доирасида эса Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ташаббуси билан яна бир муҳим воқеа сифатида ТУРКСОЙга аъзо бўлган давлатлар маданият вазирларининг доимий кенгаш йиғилиши;

– ЮНEСКО шафелигида “Археология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш ” халқаро конференцияси;

– Ўзбекистон фуқаролари ва хорижлик меҳмонларни мамлакатимиз санъатининг ноёб дурдоналари билан таништириш мақсадида ўндан ортиқ кўргазмалар ўтказиш режалаштирилган.

Ҳафталик 21 сентябргача давом этади.