Журналист ва блогерларни ҳақорат қилган Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Маълумки, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи У. Мамадалиевнинг журналист ва блогерларни ҳақорат қилиб, уларга босим ўтказгани ҳақида аудиохабар тарқалди.

Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажонов мазкур ҳолат бўйича ахборот берди.

“Риштон туманининг собиқ тиббиёт бирлашмаси бошлиғи телефон орқали суҳбатида номақбул бўлган, тизим раҳбарига ярашмайдиган сўзларни айтган.

Бу тиббиёт ходимларини, барчамизни ноқулай ҳолатга солди. Буни тушуниб етган бирлашма бошлиғи ўша куннинг ўзида “ҳақиқатдан ҳам хато иш қилиб қўйганман, тан оламан, ёшлик қилдим.

Раҳбар сифатида бу гапларни айтмаслигим керак эди” деган фикрларини билдириб, ўз ҳоҳиши билан ариза ёзди.

Аризаси қаноатлантирилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Блогеримиз унинг ҳаракатларидан норози бўлса, белгиланган тартибда суд орқали ҳал қилса мақсадга мувофиқдир. 

Мазкур ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган муносабатда айтилишича, аудиохабарда келтирилган маълумотлар юзасидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва ушбу ҳолат нима сабабдан юз бергани аниқлаштирилиб, шунга кўра тегишли чоралар кўрилиши таъминланади. Ўрганишлар натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги журналистлар ва блогерларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай ҳолатларни кескин қоралайди”, – дейди Мамажонов.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи аудиода ўта қўпол сўзларни ишлатиб, блогерга босим ўтказган.

Бугун Риштонни менман дегани Элибоевнинг энасини кўрсатиб, оёғимни ялатдим. “Риштон ТВ” ҳам кимники бўлса, энасиникига тиқиб қўяман. Қисиб юрсин одамни расмга олиб юрмасдан.

Олтиариқда эмлаш ишларини пикка олиб чиқмагани учун мана шунақа навбатсиз пайтда ҳеч ким йўқ, эмлагани қўрқади. Биз провокация қилиб, халққа чиқдик. Эмлашни қанақа бўлишини тушунтиргандик, улар (эмланувчилар) кўпайиб кетди.

Ифлосларга айтиб қўйинг, ернинг тагидан бўлса ҳам топиб бир нарса қилиб қўяман. Элибоевнинг кунига тушади. Ҳазиллашмасин, танишингиз экан, айтиб қўйинг, уйига бориб бўлса ҳам тиқиб келаман. Менинг ишимни бир пул қилмасин. Қисиб юрсин. Бир оғиз айтиб қўйинг. Расмни кўрсангиз 16та одам турибди. Бўлиб-бўлиб ташлаган. Агар шунақа қилса, судга бераман. Кейин юради ялиниб, бир нималар қилиб“, дейилади аудиода.

Эслатиб ўтамиз, Риштон тиббиёт бирлашмаси бошлиғи аудиохабар тарқалган куни видеомурожаат билан чиқиб, айтган гаплари учун узр сўраган.