Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳафталик иш графиги эълон қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов бугунги брифингида маълумот берган.

Қайд этилишича, 16-17 сентябрь кунлари Душанбеда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Ташкилот ўзининг 20 йиллигини нишонлайди.

Саммитнинг биринчи куни, 16 сентябрда давлат раҳбари ташкилотга раислик қилаётган Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Россия Президенти Владимир Путин ва Покистон Бош вазири Имрон Хон билан, 17 сентябрь куни эса Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

17 сентябрь куни эса давлат раҳбарларининг йиғилиши ўтказилади. Йиғилиш якунида ШҲТга раислик Тожикистондан Ўзбекистонга ўтади.

Янги форматдаги “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти — Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти” учрашуви бўлиб ўтади. Унда томонлар Афғонистондаги вазиятни муҳокама қиладилар.

Шунингдек, ҳафта давомида Президент ҳузурида ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.