“Миллий Тикланиш” партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланган Алишер Қодиров ўзининг Telegram каналида Афғонистондаги қочқинлар ҳақида фикр билдирди.

“Европа Афғонистондаги қочқинларни Ўзбекистон ва Тожикистонга жойлаштириш учун 600 миллион евролик таклиф тайёрлаганини эълон қилди.  Ўзбекистон қочқинларни қабул қилмаслигини маълум  қилди. Европа Сурия қочқинларини ҳудудига киритмаслик учун нималар қилганини бутун дунё кўрди.

Маргарет Тэтчер, осуда ҳаётидан кечиб серташвиш раҳбарликка интилишининг сабабини сўраган журналистга: “…атрофимдагилар фаровон бўлмаса хотиржам бўлаолмаслигимни англаб етганим учун бош вазир бўлмоқчиман”, дея жавоб берган эди.

Ривожланган дунё тушуниши керак, одамлар хотиржамлик эмас, фаровон ҳаёт излаб Европага ошиқмоқдалар. Улар фаровон бўлмагунича ривожланган дунё хотиржам бўлаолмайди.

Ривожланмоқчи бўлаётган давлатларга сиёсий, икки хил стандарт, табиат ва қадриятларига зид бўлган шартларсиз ёрдам берилмас экан қочқинларни тўхтатиш учун кўмак пакетлари вазиятни ўзгартирмайди.

Тарих шафқатсиз гувоҳ, ривожланган дунёнинг бугунги тўкинлигида қочқинларнинг аждодлари ёки қашшоқлик билан курашаётган халқларнинг хақи кам эмас. Буни тан олиш ва қўлни узатиш вақти келди, жаноблар!”, – деб ёзди Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Қодиров ЛДПР Владимир Жириновскийга санкция эълон қилишни таклиф қилган эди.