Фарғона вилоятида икки гуруҳ иштирокидаги жанжал тўхтатиб қолинди. Воқеа жойида пичоқ ва қиличлар топилган.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 18 июнь куни соат 13:30да Фарғона шаҳар Оқариқ кўчасида иккита автомобиль иштирокида содир бўлган ЙТҲ икки машина эгаларининг катта жанжалига айланиб кетган. Бир жойда кўришиб орани очиқ қилиб олишмоқчи бўлган 20 га яқин ёш йигитлар “Тараққиёт 2001” МЧЖ ҳовлисида тўпланган.

Жанжалдан хабардор бўлган Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси, Жиноят қидирув бошқармаси, Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, ДХХ ва Миллий гвардия харбий қисми ва Фарғона шаҳар бўйича Ички ишларнинг фаолиятини мувофақлаштириш бошқармаси томонидан қўлга олинган.

Воқеа жойидан кўплаб ўткир жисмлар, пичоқ ва қиличлар, тан жароҳати етказувчи мумкин бўлган буюмлар ва ҳатто гиёҳвандлик моддалари ҳам чиққан. 8 нафар шахс процессуал тартибда ушланди, 9 нафар шахслар 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар фаолиятини мувофақлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277 моддаси, 3 қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.