Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Зафаробод туманида 11 сентябрь куни пахта теримчиларига ёвғон-шўрва берилгани акс этган видео тарқалди ва бу жамоатчиликнинг кучли муҳокамасига сабаб бўлди. Зафаробод тумани ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Зафаробод тумани хокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Зафаробод туман ҳокими, туман прокуратураси ходими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари инспекторлари, «Жиззах кентек» МЧЖ раҳбари ва бошқа масъул ходимлар хабарда келтирилган «Ёрқин Саид Хажакбар» фермер хўжалиги дала майдонида пахта тераётган теримчилар билан учрашиб, ҳолатни бирламчи ўрганган. Туман ҳокими теримчиларнинг муаммоларини тўлиқ эшитиб, улардан содир бўлган ҳолат учун узр сўраган.

Шунингдек, у ҳолат тўлиқ ўрганилиши, маълум қилинган камчиликлар бартараф этилиши, бугунгидек ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун зарурий чоралар кўрилишини маълум қилган. Хокимлик ахборот хизматининг хабарида тезкор ишчи гуруҳи тузилиб, 2 кун ичида тумандаги ёрдамчи теримчилар жойлашган объектлар ўрганилади ва аниқланган камчиликлар зудлик билан бартараф этилиши такидланган.