Бугун Тошкентдаги “Lotte” меҳмонхонасида Кинематография агентлиги раҳбарияти ва Тожикистон делегацияси билан анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда Киноматография агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, кинофестиваль доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган тожик делегацияси вакиллари иштирокидаги анжуманда Агентлик ҳамда “Тожикфильм” киностудияси билан ҳамкорликда суратга олиниши кутилаётган – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳақидаги кинолойиҳа устида музокаралар олиб борилди.

Жорий йил 10-12 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи давомида барча соҳалар қатори маданий алоқаларни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Президент ушбу ташриф давомида Навоий ва Жомий ҳақида ҳамкорликда бадиий фильм яратиш вақти келганини таъкидлаган.

Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилган.

Бир қатор ҳужжатли фильмлар суратга олинган. Аммо, шу пайтга қадар яратилган саҳна ва экран асарларида бу икки улуғ мутафаккир дўстлиги етарлича ёритилмаган.

Сўзга чиққанлар бу мавзуда яратиладиган бадиий фильмда тарихий, илмий ва адабий манбалардан мавзуга доир маълумотларни тўплаш ва саралаш, икки буюк мутафаккир муносабатлари тимсолида ўзбек ва тожик халқларини асрлар давомида бир-бирига чамбарчас боғлаб келган дўстлик ва қардошлик ришталарига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлашди.

Анжуманда ҳар икки мамлакатнинг олимлари ва ижодкорлари орасидан мавзуга доир адабиётлар, маълумотларни саралаш учун ижодий гуруҳни шакллантириш лозимлиги қайд этилди.

Мазкур маълумотлар асосида ўзбек ва тожик киноижодкорлари томонидан сценарий яратилади, кейинги босқичда эса ижодий гуруҳ шакллантирилади.