FBI (АҚШ Федерал Тергов Бюроси) ўз веб -сайтида президент Жо Байденнинг 2001 йил 11 сентябрь терактлари тўғрисидаги фармонига биноан, махфийликдан чиқарилган ҳужжатларни эълон қилди.

2016 йил 4 апрелдаги материал Федерал Тергов Бюроси  агентлари ва Саудия Арабистонининг Лос -Анжелесдаги консуллиги ходими ўртасидаги суҳбати асосида тузилган.

Ушбу суҳбат 2015 йил 12 ва 13 ноябрь кунлари бўлиб ўтган. Махфий ҳужжатда агентлар самолётни ўғирлаб кетган Наваф ал-Хазми ва Холид Ал-Мидҳарга ёрдам қилганларнинг шахсларини очиқлашган. Бироқ ҳужжат 16 саҳифадан иборат бўлса-да, кўп матнлар ўчирилган.

Таъкидлаш жоиз, Жо Байден сайловолди ваъдаларидан бирини бажариб, Адлия вазирлиги ва бошқа тегишли идораларга олти ой ичида бир қатор ҳужжатларни текширишни ва махфий маълумотларни ошкор қилишни топширди.

Эслатиб ўтамиз, “Ал-Қоида” террорчилар олиб қочган иккита йўловчи самолёти 2001 йил 11 сентябрда Нью -Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига бориб урилиб, бутунлай вайрон қилди.

Шунингдек, яна бир самолёт Вашингтондаги Мудофаа вазирлиги биносининг ғарбий қанотига қулаб тушди.

Пенсилвания штатининг Питсбург шаҳри яқинида ҳам террорчилар томонидан ўғирлаб кетилган тўртинчи йўловчи самолёти қулаб тушди. Расмий маълумотларга кўра, Нью -Йоркда 2749, Вашингтонда 189, Пенсилванияда 44 киши вафот этган.