Жорий йилнинг 7-8- сентябрь кунлари Халқаро «Жаҳон истеъдодлари уюшмаси» томонидан чоп этилган «Дүние таланттары Одағы 1» алманах китобининг навбатдаги тақдимоти Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтди.

Жаҳон истеъдодлари халқаро иттифоқининг мазкур алманахлар тўпламида Қозоғистон ва туркийзабон қўшни мамлакатлардаги шоир, бастакор, ёзувчи, журналист, рассом ва таржимонларнинг (уюшма аъзолари бўлган) асарлари мавжуд.
Мазкур китоб асосан Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон ижодеорларининг асарларидан ташкил топган.
Бу ёш иттифоқнинг бир йиллик тарихга эга биринчи тўплами – бугунги ва эртанги китобхонларни ўзига жалб қилиши билан аҳамиятга эга.

Ушбу китоб тақдимотида ўзбек ижодкори, Қорақалпоқ давлат университети Журналистика факультети талабаси, “Жаҳон истеъдодлари уюшмаси« ва «Қиргиз шоир-ёзувчилари жамоат фонди» аъзоси Дилафруз Облоқулова ҳам бевосита иштирок этиб, »Абай насиҳатларининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти” номли илмий-оммабоп мақоласи учун қозоқ шоири Абай таваллудининг 176 йиллиги муносабати билан «Жаҳон истеъдодлари уюшмаси»нинг Абай номидаги халқаро мукофоти билан тақдирланди.

Ёш ижодкорга мукофотни Қозоғистон Республикаси «Дүние таланттары Одағы» президенти Д. Даулетова тантанали топширди.


Ушбу халқаро мукофотга шу кунга қадар 59 ижодкор сазовор бўлган бўлса, Дилафруз уюшманинг жорий йил 16 августдаги қарорига мувофиқ 60-бўлиб мушарраф бўлди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда ёш журналист Қозоғистон (Нурсултон), Қирғизистон (Бишкек), Миср Араб Республикаси (Қоҳира), Туркиянинг (Анқара) ва Истанбул каби шаҳарларида ижодий сафарда бўлиб бир қатор халқаро даражадаги адабиёт, маданият мукофотларига сазовор бўлган.