Бугун соат 18:00 да Адиблар хиёбонида улуғ адиб Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ҳақидаги ҳужжатли фильм премьера қилинди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Кинокартина Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида суратга олинган.

“Огаҳий” фильми Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида “Халқ юраги” номи остида яратилган 24 қисмли туркум фильмлардан бири.

Премьерадан аввал, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан адиб ижодидан намуналар ўқилди ва маърузалар тингланди. Шундан сўнг, фильм намойиш этилди.

Сценарий муаллифи Гўзалой Матёқубова, постановкачи режиссёр Муроджон Одилов, оператор Сейран Ковалов, картина директори Ойбек Содиқов.

Куни кеча Алишер Навоий, Бобур, Абдулла Орипов, Ғафур Ғулом каби фильмлар премьера қилинганди. 29 сентябрга қадар Чўлпон, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Зулфия ва бошқа адиблар ҳақидаги фильмлар намойишлари бўлиб ўтади.

Барча премьералар Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказилмоқда.