Меҳнат вазирлиги ижтимоий тармоқларда “Андижон вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи аёл кишини ҳақорат қилган аудиога муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, вазирлик томонидан овозли хабардаги ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Аниқланишича, хабардаги овоз Андижон вилояти Бандлик Бош бошқармаси бошлиғи А.Мамаюсуповга эмас балки, вилоят Бандлик Бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Ф.Муҳаммаджоновга тегишли эканлиги аниқланган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Андижон шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг собиқ ходимаси Х.Жўрабекова билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 апрель кунги ПҚ-5053-сонли “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида»ги қарори талаблари асосида Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан 2021 йил 4 июль кунидан бекор қилинган.

Андижон вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Ф.Муҳаммаджонов унинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини тўхтатмоқчи бўлган вақтида низо келиб чиққан.

Ушбу низоли ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо беришлик учун Андижон шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилинган ҳамда ҳолат юзасидан ҳозирда Андижон шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилояти Халқ банки раҳбари Собир Таниқулов ходимларини ҳақорат қилган аудиоси тарқалганди.