NATO бош котиби Енс Столтенберг New York Timesга берган интервьюсида:

«Афғонистон – мамлакат ҳокимиятининг қулаши натижасида «Толибон» қўлига ўтди. Биз сиёсий ва ҳарбий раҳбариятнинг қулашига гувоҳ бўлдик, бу эса Толибонга қарши бутун мудофаанинг қулашига олиб келди», –деди у.

Шу билан бирга, Столтенберг «Афғонистоннинг қулаши АҚШ ва NATOнинг чиқиб кетишини тезлаштирдими?» деган саволни тадқиқотчилар ҳал қилиши кераклигини таъкидлади.

«Мен учун асосий вазифа – терроризмга қарши курашда эришилган ютуқларни сақлаб қолиш ва одамларни Афғонистондан олиб чиқиш», – дея қўшимча қилди бош котиб. Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар NATOдаги иттифоқчилари билан келишган ҳолда ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилган.

«АҚШсиз Альянснинг бошқа аъзолари операцияни давом эттира олмайди. Бу вариант ҳақиқий эмас эди. Бу ҳолатда, европаликлар учун Афғонистондаги қўшинларини молиялаштириш қийин бўлади»,- деган фикрни билдирди Столтенберг.

Бош котибнинг таъкидлашича, Ғарб ҳамкорлигининг муваффақиятсизлиги бошқа мамлакатларда ҳарбий куч ва операцияларни қўллашга жиддий ёндашиш зарурлигининг белгиси бўлиши керак.

«Ҳарбий операцияни бошлаш уни тугатгандан кўра осонроқ. Бу тарихни ўргатиш дарсидир»,- дейди у.

Август ойида «Толибон» ҳукумат позицияларига тезкор ҳужум бошлади ва Афғонистоннинг барча ҳудудларини эгаллаб олди. Бунга параллель равишда Қўшма Штатлар республикани тарк этди. Панжшир узоқ вақт қаршиликнинг сўнгги ўчоғи бўлиб қолди, лекин сентябрь ойининг бошларида бу ҳаракат исёнчилар устидан ғалаба қозонганини эълон қилди.

Аввалроқ, Толибоннинг Панжширда қурол-яроғ омборини қўлга киритгани ҳақида ёзган эдик.