«Қорадори-2021» тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи давомида Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноятлар фош этилди. Бу ҳақида ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, Урганч тумани ИИБ ходимлари томонидан 2021 йил 7 сентябрь куни, Урганч туманида яшовчи, 1967 йилда туғилган, Б.Қ.нинг томорқаси кўздан кечирилганида, у 4 туп «каннабис» ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги маълум бўлди. Шунингдек Қ.Б. га тегишли омборхона кўздан кечирилганида, у ерда «марихуана» гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 7-8 центябʼ кунлари Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда навбатдаги гиёҳфурушлик жинояти фош этилди. Дастлаб Урганч шаҳридаги гипермаркет олдида бир бўлак «героин» гиёҳвандлик воситасини 1 250 000 сўмга қонунга хилоф равишда сотишга уринган, Урганч туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган Ф.З. ва 1978 йилда туғилган Қ.Й. лар жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Қ.Й. ушбу гиёҳвандлик воситасини Қўшкўпир туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган С.Р. дан олганлигини билдиргач, тезкор тадбир давом қилдирилди ва С.Р. бу сафар 3 грамм «героин» гиёҳвандлик воситасини 7 300 000 сўмга сотаётган пайтида қўлга олинди.

Бундан ташқари Хоразм вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан жорий йилнинг 8 сентябрь куни Урганч шаҳрида ўтказилган тадбирда гиёҳфурушлик билан шуғулланиб келган навбатдаги жиноий гуруҳ фош этилди. Урганч шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган Д.С. ва 2000 йилда туғилган А.А. ҳамшаҳари, 1996 йилда туғилган З.Р. исмли аёл билан жиноий тил бириктириб, «гашиш» гиёҳвандлик воситасини 600 000 сўмга сотаётган пайтида ходимлар томонидан қўлга олинди.

Шундан кейин олиб борилган дастлабки суриштирув натижаларидан келиб чиқиб, Урганч шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган К.Н., 1990 йилда туғилган, Д.Р. ларнинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида, улар ёнида гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги маълум бўлди.

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.