Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёдаги мактабда болалар парта йўқлиги сабабли полда дарс қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ушбу ҳолатга ўзининг Телеграм саҳифасида муносабат билдирди.

«Кимдир жисмонан имконияти чекланган бўлсада давлатимиз обрўсини дунёга кўтараяпти, кимдир тўрт мучаси соғ бўлиб, ўзаро шахсий келишмовчилиги сабабли мамлакатимиз обрўсини тўкишга ҳаракат қилаяпти…

Ижтимоий тармоқларда Яккабоғ туманидаги мактабда болалар полда ўқияпти, Шерзод Шерматов биз томонга бир боқиб қўйинг деб ёзилган хабарга кўзим тушиб қолди. Энг алам қиладигани, ушбу мактабга ўтган йили ўзим бориб, хароб аҳволда бўлганига таъмирлаш дастурига қўштиргандик. Натижада, 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, мактаб бу йил таъмирланаётган эди.

Афсуски, дастлабки суриштирувга кўра, мактабнинг айрим ўзаро қариндош бўлган ўқитувчилари ва директор орасидаги келишмовчиликлар сабабли, болаларни полга ўтказиб, расмини турли ижтимоий тармоқларда ва ОАВларда тарқатишмоқда. Аслида, катта миқдордаги таъмирлаш иши охиригача тўлиқ тугаб улгурмаганига, мактаб очилмаслиги, болалар вақтинча бошқа мактабда ёки масофадан ўқиб туриши режалаштирилиши керак эди. Шунинг учун ҳам мактабда янги мебеллар вақтинча ўрнатилмаган. Агар жуда шошилинч бўлиб таъмирдан чиққан жойида ўқишни ташкил этиш жуда зарур бўлса ўтган йилги мебелни вақтинча ишлатиб турса ҳам бўлар эди. Мактабда ўқувчи сони қувватидан ошиқ эмас, шунга бир сменада ўқишни ташкил этиш учун жой етарли.

Шу орқали ярим аср давомида таъмирланмаган мактаб таъмирланаётганига Яккабоғдан ўзига хос миннатдорчилик билдиришибди.

Энди буёғига прокуратура органлари ҳолатни тўлиқ ўрганиб, тегишли жавобгарлик чораларини кўришади деб умид қиламиз», – деб ёзади Халқ таълими вазири.