2021 йилнинг 10 сентябрь куни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159 ва 2442 – моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ҳозирда қидирувда бўлган “Ҳизб-ут Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти аъзолари – 1970 йилда туғилган, Л.Умарова ва 1974 й.т., М.Сайдаминовалар билан интернет тармоғи ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа қилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келган.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Учтепа, Олмазор, Сирғали ва Яккасарой туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент ва Қибрай туманларида яшовчи 29 нафар “Ҳизб-ут Таҳрир” экстремистик ташкилотининг “Аёллар қаноти” жамоаси аъзоларини жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилди.

Мазкур аёлларнинг яшаш манзилларида ва уяли алоқа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Ҳозирда ушбу аёлларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва уларни жавобгарликка тортиш мақсадида тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Ички Ишлар вазирлиги Сизларни огоҳлантиради! “Ҳизб-ут Таҳрир” экстремистик ташкилоти сафида фаолият қилиш, ғояларини қўллаб-қувватлаш, материалларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади. Ўзингизни ва фарзандларингизни экстремистик оқим ва террористик ташкилотлар сафига қўшилиб қолишдан асранг!“, – дейилади хабарда.