Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ижтимоий тармоқда “Наманганда ЙПХ ходими ва фўқаро ўртасида жанжал” сарлавҳаси остида тарқалган видеога муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани ҳудудида хизмат олиб борган ЙПХ ходими Б.Муродов томонидан “Damas” русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган.

Ҳайдовчи бошқарув вақтида телефондан фойдаланганлиги туфайли ЙПХ ходими томонидан электрон шаклдаги баённома тузилганлиги, ҳайдовчининг эътирозлари мавжудлиги видеода акс этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув давомида расмийлаштирилган маъмурий баённомага ҳуқуқий баҳо берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани ҳудудида ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишув юзага келганди.