Жиззах вилояти Пахтакор туманида 6 ёшли болани уриб юборган асфальт ётқизиш машинаси ҳайдовчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Пахтакор тумани Боғишамол қишлоғида 7 сентябрь куни соат 17:10 атрофида 2016 йилда туғилган Т.Ш. велосипеди билан маҳалла ҳудудида иш жараёнини ўтказаётган асфальт ётқизиш машинаси орқа томонига яқинлашган. Ҳайдовчи орқага қараб ҳаракатланган пайтида бола машина билан тўқнашиб, йиқилган ва техника остида қолиб кетган.

Қайд этилишича, оқибатда бола воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳолатга ҳайдовчининг бепарволиги, иш вақтида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани, ҳайдовчи олдида уни огоҳлантириб туриши керак бўлган ёрдамчи ишчиларнинг йўқлиги сабаб бўлган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан оғир техника воситаси тегишли бўлган фирма раҳбарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддаси (Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома тузилган.

Бироқ ушбу иш Бош Прокуратура томонидан ўрганилиб, сентябрь куни Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.