Дания ҳукумати COVID-19 тарқалишининг олдини олиш учун киритилган чеклов чораларини қайта ўрнатмасликка қарор қилди. У Европа Иттифоқидаги коронавирус чекловларини бутунлай бекор қилган илк давлат, деб хабар берди Politico.

10 сентябрдан бошлаб Данияда ресторанларга, клубларга ва спорт залларига ташриф буюриш учун махсус рухсатнома — ковидпассларни талаб қилинмайди, карантин фақат коронавирус билан касалланганлар учун сақланиб қолади ва алоқада бўлганлар учун изоляция бекор қилинади. 13 августдан бошлаб Данияда жамоат транспортида ниқоб тақиш шарт эмас.

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, Данияда охирги 24 соат ичида 591 та вирус инфекцияси аниқланган. Ҳаммаси бўлиб, 5,8 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда, пандемия бошланганидан буён 350 мингга яқин киши касалликка чалинган.