Бугун, 10 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Токиода бўлин ўтган Паралимпиадада иштирок этган спортчилар билан учрашди.

Ушбу олимпиадада Ўзбекистон делегацияси 8та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритган. 19 та медалнинг 11 таси спортчи қизларга тегишли ҳисобланади.

Ўзбекистон терма жамоаси 160дан зиёд давлатлар ўртасида 16-ўринни, Осиё қитъасида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида 4-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллаган.

«Мен ушбу тақдирлаш маросимига устозларингиз билан бирга ота-онангизни ҳам чақирдим. Биласизми, ота-она учун энг катта бахт — боласининг камолини кўриш. Ўзингиз ҳам ота-она бўлганингизда яхшироқ тушунасиз. Мен сиздек фарзандларни тарбиялаганлари учун уларга таъзимдаман ва миннатдорман», — деди Президент.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев мусобақада қатнашиб, совриндор бўлолмаган спортчиларга ҳам далда берган. Уларга мусобақада матонат билан қатнашгани учун миннатдорчилик билдирган ва Парижда 2024 йилда ўтказиладиган мусобақаларда соврин олишига умид билдирган. Таъкидланишича, давлат раҳбари ҳар бир спортчи, хусусан, енгил атлетикачи қизлар — Нозима Қаюмова, Моҳигул Ҳамдамова, София Бурҳонова ҳамда рақибалари орасида энг ёш бўлган таэквондочи Гулжоной Наимовага алоҳида ташаккур айтган.

«Гулжанойнинг мусобақасини ташвиш ва ҳаяжонда телевизорни ўчириб-ёқиб кўрдим. Бу жуда катта ғалаба бўлди», — дейди у.

Шунингдек, карантин сабаб 25 нафар паралимпиячи мусобақаларда қатнашолмаган. Президент оғир пандемия шароитида Паралимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш, бундай катта ютуқларга эришиш осон бўлмаганини қайд этган.

«Инсон бирон нарсани йўқотса, қайғурмаслиги керак. Фақат ниятни йўқотса, қайғуриши керак. Чунки ҳар қандай хайрли иш пок ният билан ижобат бўлади. Мусобақанинг дастлабки кунларида Токио шаҳрида 25 нафар спортчимизга нисбатан қаттиқ карантин талаблари қўллангани ҳам жиддий муаммолар туғдирди. Ўз йўналишларида ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланган Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Васила Алибоева сингари дзюдочи қизларимиз шундай сабаблар туфайли баҳсларда иштирок эта олмадилар. Умид қиламизки, улар кейинги сафар ўзларининг нималарга қодир эканлигини, албатта, исботлашади», — дейди Президент.