Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган байрам кунлари “ERIELL Group”  томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйида хайрия тадбири ўтказилди. Бу ҳақда “EFFECT.UZ” манбаси хабар бермоқда.

Мазкур болалар уйида 51 нафар бола тарбияланиб, уларнинг энг кичиги ҳали 1 ёшга ҳам тўлмаган. Муассаса директори Тўхтаназарова Гулнора Махмаджоновна болаларнинг ҳар бири алоҳида меҳр, эътибор ва парвариш, энг асосийси доимий тиббий назоратга муҳтожлиги ҳақида сўзлар экан, бу ерга “бизнинг уйимиз”, “оиламиз” ва “менинг болаларим”, дея таъриф берди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони билан тақдирланган, бироқ тарбияланувчилар уни оддийгина қилиб “ойижон” деб чақиради.

“Бола барибир болада. Ҳар бир бола меҳр, муҳаббат ва эътиборга ҳақли. Туғилганларидаёқ улар меҳрдан маҳрум бўлишган. Болалар уйи қарамоғидаги ҳар бир бола биз учун ўз фарзандимиздек қадрли. Биз уларнинг ҳар бири учун шахсан жавобгармиз. Тарбияланувчилар ҳам бошқа ходимлар сингари тарбияланувчиларга худди ўз фарзандидек муносабатда, улардан меҳр ва муҳаббатини дариғ тутмайди, ахир улар тақдир ҳукми билан бундан ҳаётининг илк кунларидан бошлаб маҳрум бўлган. Жамоамиз номидан ‘ERIELL Group'га муассасамизни ободонлаштириш ишларига қўшган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдираман. Меҳрибонлик, эзгулик, ғамхўрлик ва ўзгалар дардига шерик бўлиш ҳаётдаги энг муҳим фазилатлардан”, — дейди Гулнора Махмаджоновна.

“ERIELL Group” болажонларнинг эҳтиёжларига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлди, хоҳ у қиммат даволаниш зарурати ёки уларни ихтисослашган муассасаларда сақлаш шароитларини яхшилаш бўлсин. Ўзбекистон Республикасининг “Волонтерлик фаолияти тўғрисидаги” қонунининг 4-моддаси ва “Хайрия тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Компаниялар гуруҳи томонидан Болалар уйи капитал таъмирланди.

Қибрайдаги болалар уйига 1962 йилда асос солинган. Йиллар ўтиб бино эскириб, йиллар давомида таъмирга муҳтож бўлиб келган. Рекорд муддат, яъни бир ярим ой давомида “ERIELL Group” томонидан 0,6 га ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Болалар учун икки қаватли ётоқхона корпуси капитал таъмирланди, ўйин хоналари, хизмат бинолари, ювиниш хоналари тўлиқ янгиланди, мебель, кондисионерлар, ошхона жиҳозлари ва замонавий маиший техникалар келтирилиб, ўрнатилди. Янгиланган бино болалар ва ходимларга бирдай манзур бўлди.

Ойна ва эшиклар, муҳандислик коммуникасиялари алмаштирилиб, бинонинг ташқи қисми таъмирланган. Шунингдек, ички безак ишлари ҳам амалга оширилган, ёнғинга қарши тизим ва видеокузатув мосламаси ўрнатилган. Бундан ташқари, ҳудуд ўйин ва профилактика қисмларига ажратилган.

Болалар уйининг ички ҳовлисида янги айвонлар, йўлакчалар барпо этилиб, чим ётқизилди. Маъмурий бино ҳам таъмирланди. Тарбияланувчиларни янгиланган Болалар уйи биносига кўчириш муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири хайрия акциясига ҳамоҳанг бўлиб, барчага хуш кайфият бахш этди. Қувноқ мусиқа, пуфакчалар шоуси ва аниматорлар иштирокидаги дастур нафақат болалар, балки катталарга ҳам ҳақиқий завқ-шавқ улашди. Туғилганидан бошлаб мисли кўрилмаган қийинчиликларга дуч келган ва бутун ҳаёти давомида туғма нуқсонлар билан курашишга мажбур болаларнинг меҳмонлар ташрифидан боши осмонга етди, уларнинг шодон кулгуси атрофни мунаввар қилди. Совғалар, жумладан, “ERIELL Group” томонидан Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган шерча Лео ҳақидаги қизиқарли китобча ҳам болаларнинг самимий қувончига сабаб бўлди, дейди муассаса ходимларидан бири.

Тадбир иштирокчилари учун мевалар ва ширинликлардан иборат фуршет ташкил этилди, байрам палови тайёрланди.