Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда.

“…Биз очиқлик билан мажбурий меҳнатни йўқ қиляпмиз. Барибир ҳокимлар пул йиғиш ва бошқа ишларда давом этяпти. Авваллари 100 сўм эди пахта. 1200-1500-1700 сўмга чиқди 1 кг пахтанинг нархи. Манфаат бўлиши керак пахтадан. Агар ҳоким тўғри ишлай олмаса, у бизга дўст бўлмайди” –  деди Шавкат Мирзиёев.

Президент боғча ходимларининг ойлик маошларини ошириш ҳақида гапирди:

“…Мактабгача таълимдаги қамров даражаси ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилади. Бунинг учун охирги уч йилда очилган 14 мингта хусусий боғчага қўшимча равишда 7 мингдан зиёд янги боғча ташкил этилади.

Шунингдек, 2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактабгача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олинади. Ана шу тадбирлар ҳисобидан келгуси 5 йилда 45 мингдан ортиқ хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади.

“Қишлоқлардаги мактаблар аҳволи, дарсликлар қандай эканини ўзим биламан. Шунинг учун барча саъй-ҳаракатларимизни мактаб таълимини ривожлантиришга йўналтирамиз. Агар мактаб мукаммал бўлса, ўқитувчи мен айтган 1000 доллар маошни олса, рози бўлса, ҳамма соҳа бўйича ривожланиш бўлади. Мен бунга ишонаман. “- дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастури ишлаб чиқилади.

Бу орқали келгуси беш йилда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун мактаблар реконструкция қилинади ва қурилади.