Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда.

“Қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаймиз. “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш ҳамда энергетика, савдо ва саноат соҳаларидаги стратегик ва муҳим лойиҳаларни ҳамкорликда албатта амалга оширамиз.

Халқимиз айтган муаммолардан 5-10 баравар кўпроқ муаммолар борлигини биламан. Аммо вазминлик, саросимага тушмасдан халқ берган ишончга муносиб бўлишга, уларни ҳал қилишга ҳаракат қиламан. Кимдан куч оламан? Болам деб бағрига оладиган халқим бор. Бетакрор Ватанимиз бор.

Бу режалар- маъруза эмас, буни амалга ошириш- ҳаётим мазмуни.  Сизларни ишонтирмоқчиман: йўлимиз аниқ. Халқимизга хизмат қиламиз. Ўзингиз кўриб турибсиз, бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам, кечаги Ўзбекистон эмас. Биз билан ҳамкорлик қилаётган дунё ҳам – кечаги дунё эмас.

Ҳеч қачон унутманг, сайлаш ва танлаш ҳуқуқи – Сизнинг қўлингизда. Бутун халқимизни кимни сайлашдан қатъи назар, ўз позициясини кўрсатишга, сайловда иштирок этишга чақираман!”- деди Шавкат Мирзиёев.