Самарқанд вилоятида август ойида айрим «тадбиркорлар» томонидан 2 млрд 825 млн сўмдан ортиқ табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келинганлиги аниқланди.
«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали томонидан мавжуд энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида, ҳар бир ҳудудда аҳоли орасида тегишли тарғибот ҳамда тушунтириш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, Филиалнинг юридик шахсларга табиий газ етказиб беришни назорат қилиш бўлими, Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлими ҳамда «Ҳудудгаз Метрология» вилоят бўлимлари ҳамкорликда якка тартибдаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан газ ўғирликларини аниқлаш бўйича доимий назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилнинг август ойида турли хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи «тадбиркор»лар томонидан шартнома шартларига амал қилмай, газ тармоқларига ноқонуний уланиш бўйича жами 12 та ҳолат аниқланиб, тармоқдан узилди. Барча тўпланган материаллар эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди. Ноқонуний уланишлар натижасида газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори 2 825 687 120,0 (икки миллиард саккиз юз йигирма беш миллион олти юз саксон етти минг бир юз йигирма ) сўмни ташкил этмоқда.

Маълумот учун: Ушбу ҳажмдаги табиий газ тахминан 24 мингта хонадоннинг 6 ойлик газ истеъмолини ташкил қилади.