2021 йил 9 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва ЎзЛиДеп партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев ўзининг сайлов режасида ОАВни қўллаб-қувватлаш давом этилишини маълум қилди.

Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун, зарур шарт-шароитлар яратилади.

Мен, ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни, ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади. Бу фикрни бугун яна бир бор таъкидлайман”, – дейди Мирзиёев.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида журналистларга шундай деган эди:

Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди. Адолат, адолат, адолат! Яна бир марта адолат. Бу йўлдан ортга қайтмаймиз. Сизлар адолат тарафдори бўлсангиз, ҳақиқатни ёзсангиз, раҳбарлар ҳозир сизларни ёмон кўриши мумкин, аммо охири ишлашга тушади. Тизимнинг ишлашига олиб келади бу. Мен сизларга ишларингизда омад тилайман“, — деган Президент.