Бугун бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қурултойида иштирок этган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда адвокатлар камлиги масаласига тўхталди ва муаммони ҳал қилиш бўйича ўз ташаббусини билдирди.
«Яна бир масала – мамлакатимизда адвокатлар сонининг етишмаслиги билан боғлиқ.
Шунинг учун, соҳага ёш кадрларни жалб қилиш мақсадида юридик стаж ҳақидаги талаб бекор қилиниб, олий юридик маълумотли шахсларга 3 ойлик стажировкадан кейин адвокатлик имтиҳонини топшириш имконияти яратилади», деди Шавкат Мирзиёев.

Амалдаги қонунчиликка кўра, адвокат бўлишга талабгор шахс лицензия олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида 2 йиллик иш стажига эга бўлиши лозим. Шу жумладан, адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида уч ой муддат стажировка ўтаган бўлиши керак.

Адвокат Раззоқ Алтиев Kun.uz’га берган интервюсида Ўзбекистонда адвокатлар камлиги ва соҳа нуфузининг пастлигига сабаблардан бири сифатида 2 йиллик стаж талабини кўрсатганди.

“Университетда дарс бериш жараёнида кўплаб талабаларда адвокат бўлиб ишлашга иштиёқ кўраман. Қанийди, рухсат берилса-ю, улар тўғри бориб имтиҳон топшириб, лицензия олиб адвокатлик қилишса. Лекин бизда адвокат бўлиш учун қўйиладиган талабларда ҳам маълум чекловлар мавжуд.

Масалан, камида 2 йиллик юридик стажга эга шахс 3 ой давомида адвокат стажери сифатида стажировка ўтагандан сўнг адвокат мақомига талабгор бўлади.

Статистик маълумотларга қарасак, республика бўйича битта адвокат 8600 нафар фуқарога хизмат кўрсатишига тўғри келади. Агар бу маълумотни айрим вилоятлар кесимида кўрсак, бу рақам, масалан, Сурхондарёда 20 минг нафар фуқарога битта адвокатни ташкил этмоқда. Вазият шунчалик даражада аянчли.

Айни вазият адвокатурани ривожлантириш ва адвокатлик касбига жалб қилишнинг жозибали элементларини ишлаб чиқишни тавсия этмоқда. Масалан, 2 йиллик юридик стаж талаби олиб ташланса, мақсадга мувофиқ бўлади”, деганди адвокат Раззоқ Алтиев.