Аввалроқ «Адолат» социал-демократик партияси раҳбари Баҳром Абдуҳалимов президентликка номзод сифатида тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик.

Президентликка номзод қурултой иштирокчиларини 11 бўлимдан иборат, ўз ичига 60 га яқин таклиф ва ташаббуслар ўрин олган сайловолди дастури билан таништирди.

Номзоднинг сайловолди дастуридан қуйидаги масалалар жой олган:

– давлат ҳокимияти бошқаруви йўналишида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини, эркин сўзлаш ва фикр билдириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

– бошқарувда шаффофлик ва ошкоралик тамойилига қатъий риоя этилишини таъминлаш, ОАВ ходимлари, шу жумладан, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро андозалар даражасига кўтариш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш;

– 2019 йилдан буён таъкидлаб келинаётган маҳаллий ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этиш ва ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари лавозимида ўтиришига чек қўйиш;

– коррупционерларга Ватан тараққиётига тўғаноқ бўлувчи хоинлар деб қараш, коррупциянинг барча кўринишлари учун қаттиқ жазо чораларини қўллаш масалаларига алоҳида ўрин ажратилган;

– болалар мактабгача таълим муассасаларига ҳозиргидек 3 ёшидан эмас, 2 ёшидан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз юз фоиз қамраб олинади;

– таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш ва бошқа масалалар.