Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Азизжон Калимбетов маълум қилди:

«2023 йилгача бўлган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепцияси доирасида жамоат транспортининг камида 50 фоизини газ-баллон ёқилғи, электр ва бошка муқобил ёқилғи турларига ўтказиш белгиланган.

Жорий йилнинг ўтган даврида республикада фойдаланишдаги 3 миллиондан ортиқ автотранспорт воситасининг 60 фоизи газ ёқилғисида ҳаракатланишга мўлжалланган.

Транспорт воситаларидан атмосферага ташламаларни камайтириш ва меъёр даражасида эканини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг баҳор мавсумида «Тоза ҳаво» тадбирининг биринчи босқичи ўтказилди.

Тадбир давомида 120 мингдан ортиқ транспорт воситаси кўрикдан ўтказилиб, уларнинг қарийиб 5 мингтаси белгиланган меъёрлардан ортиқ экани аниқланди ва уларнинг 1,5 мингга яқини вақтинча тўхтатилиши эвазига атмосферага кунига ўртача 80 тонна зарарли моддалар ташлашнишининг олди олинди. Ҳозирда, тадбирнинг 2-босқичи — 10 августдан 10 сентябргача бўлиб ўтмоқда».