Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлганлиги ҳақидаги хабар остида вояга етмаганлар иштирокидаги жанжал акс этган видео тарқалди. Мазкур видеотасвир юзасидан пойтахт ИИББ матбуот хизмати маълумот берди.

Видеода акс этган ҳолат «Мактаб» номли сериални суратга олиш жараёнидаги ҳолат бўлиб, август ойининг охирларида Мирзо Улуғбек туманида тасвирга олинган. Ссенарий бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жанжал вақтида ўқувчилардан бирининг укаси ҳимоя қилиши керак бўлган кадр акс этган. Сериални суратга олишга жалб этилган актёрлардан бири ушбу жараённи ўзининг телефонига тасвирга олиб, интернет тармоғида жойлаштирган.

Бошқарма томонидан текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик сўралган хабарда.