Ижтимоий тармоқларда 1 сентябрь куни Сурхондарёдаги тўйхоналарнинг бирида қуда томондан келган йигитлар билан куёв томондагилар ўртасида катта жанжал юзага келгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. ИИВ матбуот хизмати келтирилган ҳолат бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, шу йилнинг 1 сентябрь куни соат тахминан 13-30 ларда, Музработ тумани «Дўстлик» маҳалласида жойлашган «Орғул» тўйхонасида, Р.Илхом, Қ.Ўктам, А.Абдусамад ва бошқалар бир гуруҳ бўлиб, фуқаро Д.Акромжонни ҳеч бир сабабсиз, уриб-тепиб бир бирларига тан жароҳати этказишган.

Натижада фуқаро Д.Акромжон тан жароҳати олиб, Музработ туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббиёт бўлимига ётқизилган.

Музработ туман суд-тиббий экспертизаси бўлимининг 2021 йил 6 сентябрь кунидаги хулосасига кўра, фуқаро Д.Акромжон ҳамда фуқаро А.Абдусамадларнинг олган тан жароҳатлари «енгил» тан жароҳати деб баҳоланган.

2021 йил 6 сентябрь куни Музработ туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро Д.Акромжонга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан, фуқаролар Р.Илхом, Қ.Ўктам, А.Абдусамад ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.