“Толибон” матбуот котиби Забиулла Мужоҳид ҳаракат Германия билан кучли расмий муносабат ўрнатишга умид қилаётганини айтди. Бу ҳақда “РИА Новости” нашри хабар қилди.

“Биз Германия билан мустаҳкам ва расмий дипломатик алоқаларни хоҳлаймиз”, деган Мужоҳид “Welt am Sonntag” газетасига берган интервьюсида.

Унинг таъкидлашича, ўтган асрда немислар Афғонистонда кўп яхши ишларга ҳисса қўшишган.

“Афсуски, кейинчалик улар ҳам америкаликларга қўшилгандилар (халқаро ҳарбий контингент таркибида). Аммо ҳозир булар унутилган”, – дея қўшимча қилган у.

Газетанинг ёзишича, “Толибон” молиявий, гуманитар ёрдам, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳасидаги ёрдамга умид қилмоқда.

Аввалроқ, Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас бир қатор шартлар остида мамлакат “Толибон” ҳокимият тепасига келганида ёпилган Кобулдаги дипломатик миссия фаолиятини қайта бошлаши мумкинлигини тан олди. Бунинг учун шартлар орасида вазир, хусусан, Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳурмат қилиш кабиларни қўшган.

Маълумот ўрнида, август ойининг бошида “Толибон” Афғонистондаги ҳукумат кучларига қарши ҳужумини кучайтирди. Толибон 15 августда пойтахтга кириб, президент саройини ўз назоратига олди ва 16 августда Афғонистонда уруш тугаганини ва штатда бошқарув шакли яқин келажакда аниқ бўлишини эълон қилди. 31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, Афғонистонда АҚШнинг 20 йилга яқин ҳарбий хизматини тўхтатди. Афғонистондан қуруқликдаги барча ўтиш жойлари ҳозирда “Толибон” назорати остида.