Сенат Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари раҳбарларининг бутунжаҳон конференцияси ва Парламентлараро иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентлари аёл спикерлари саммитида иштирок этиш учун Австрия пойтахти Вена шаҳрида. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, конференция “Сайёрамиз аҳли учун тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлайдиган янада самарали кўп томонлама ҳамкорлик учун парламент раҳбарияти” деб номланган умумий мавзуда бўлиб ўтади. Шунингдек, Парламентлараро иттифоқ томонидан Австрия парламенти ва БМТ билан биргаликда ташкил этилаётган тадбирда дунёнинг 110 дан ортиқ парламент раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, жаҳон парламентлари раҳбарларининг учрашуви Парламентлараро Иттифоқ томонидан ҳар 5 йилда анъанавий тарзда ўтказилиб келинади. Ундан мақсад юксак даражада парламентлараро мулоқот ҳамда ўзаро ҳамкорликдир.

Бу галги учрашув 2020 йилда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ у коронавирус пандемияси туфайли мазкур йилга қолдирилди. Экспертлар иштирокидаги музокаралар 2020 йили видеоконференсалоқа форматида ўтказилиб, унда Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси хорижий мамлакатлар парламентлари ва етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан ҳам бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирлар 2021 йил 6-9 сентябр кунлари бўлиб ўтади.