Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Тахтақорача довонида 2021 йилнинг 6—7-центабр кунлари вақти-вақти билан йўл ёпиб қўйилиши эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят ФВБ ахборот хизмати хабар берди

Маълум бўлишича, айтиб ўтилган кунларда Китоб тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 Олмаота—Бишкек—Тошкент—Шаҳрисабз—Термиз халқаро автомобиль йўлининг 1135—1146-километридаги Тахтақорача довонида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилади.

Ўқув машқи режасига кўра, ушбу автомобиль йўлида фуқаролар ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида йўл атрофидаги кўчки ва тош қулаши хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда тегишли муҳандис-техник тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

«Шу муносабат билан мазкур автомобиль йўлида вақти-вақти билан фуқаролар ва автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши қисқа муддатли чекланади ва йўл ёпилади», — дейилади хабарда

Маълумот ўрнида, 6—7-сентабр кунлари бир кунда икки ёки уч маротаба, 30 дақиқадан 40 дақиқагача йўл ёпилиб, қатнов тўхтатилиши белгиланган.