БМТ Бош котибининг иқлим ўзгариши бўйича маслаҳатчиси, тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Раэ Квон Чунг глобал исиш ва абадий музнинг эриши инсоният учун оқибатларини олдиндан айтиб бўлмайдиган номаълум вирусларнинг уйғонишига олиб келиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар қилди.

Олимнинг сўзларига кўра, тарихдан олдинги даврда ёинки, юз минг йиллар олдин мавжуд бўлган қайси вирус қайта пайдо бўлиши мумкинлигини олдиндан айтиб бўлмайди.

“Улар қайтади. Аниқ айта оламанки, биз илгари учратмаган ҳар хил вируслар бор”, деган Раэ Квон Чунг.

Инсоният бундай қийинчиликларга тайёр туриши ва уларга қарши тура олиши керак, дея хулоса қилган у.

Маълумот ўрнида, 2007 йилда Раэ Квон Чунг иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро гуруҳ таркибида Нобел мукофоти билан тақдирланган. Бу мукофот унга инсон фаолияти туфайли иқлим ўзгариши ҳақидаги билимларни тўплаш ва тарқатиш ҳаракатлари учун топширилган.