Ҳиндистонда хавфли “Nipah” вирусининг тарқалиши аниқланди, дея хабар берди, “NDTV” маҳаллий ҳокимият манбаларига таяниб “ИЗВEСТИЯ” нашри.

Унга кўра, касалланганлар Ҳиндистон жанубидаги Керала штатида қайд этилган. Маълум қилинишича, 12 ёшли бола инфекция натижасида вафот этган, яна икки одамда касаллик белгилари кузатилмоқда.

Мамлакат ҳукумати тиббиёт ходимларига ёрдам бериш учун зудлик билан касалликни назорат қилиш миллий марказининг мутахассислар гуруҳини штатга юборди. Мутахассисларнинг фикрича, беморларнинг барча алоқаларини ўрганиш ва улар билан мулоқотда бўлганларнинг ҳаммасини карантинга юбориш керак.

Июнь ойида Ҳинд матбуоти олимларга таяниб, “Nipah” вируси биринчи марта Маҳараштра штатида кўршапалакларда аниқлангани ҳақида хабар тарқатган. Олимларнинг фикрича, вирус одатда учувчи кўршапалакларда аниқланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вирусни ўта хавфли деб ҳисоблади. Қайд этилишича, вирусга даво ҳам вакцина ҳам йўқ, ўлим даражаси 65 дан 100 фоизгача бўлиши мумкин.

Худди шу ойда МИПТ геном муҳандислик лабораторияси директори Павел Волчков Россияда ҳеч қачон хавфли “Nipah” вируси учрамаганини айтди. Бироқ, келажакда унинг Россия Федерациясига импорти бўлмаслигини таъминлаш иложсиз. Инфекцияни импорт қилиб олиб келинишининг осон йўли касал одамнинг бошқа мамлакатга қиладиган саёҳатидир.

2021 йил январь ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “Nipah” вируси ёки “NiV” вируси келтириб чиқариши мумкин бўлган пандемия эҳтимолини истисно қилмаганлиги маълум қилинди.

Маълумот ўрнида, ушбу вирус биринчи марта 1999 йилда Малайзияда “Nipah” дарёсида яшовчи деҳқонлар орасида аниқланган, касалликка ўша ҳудуд номи берилган. Шундан бери Жанубий Осиёда яна 12 та шу турдаги юқумли касаллик қайд этилган.