Янгиҳаёт туманида дори воситаларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиҳаёт туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “B” МЧЖ таъсисчиси С.И. пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини дорихоналардан ташқарида сотиб даромад орттиришни кўзлаб, харидорга “Favilok, Favipravir тablets 200 mg” дори воситасини ҳар бир қутисини 450 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 264 қутисини 118,8 млн сўмга сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.