VII Халқаро армия ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси ҳам муносиб иштирок этиб, тарихий натижаларни қайд этди.

“AрМИ – 2021” Халқаро армия ўйинлари жорий йилнинг 22 августидан 4 сентябрига қадар ўтказилди. Дунёнинг 11 та давлати ҳудудида ўтказилган мусобақаларда 42 та давлатнинг жами 277 та жамоаси, бошқача айтганда 5000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар ўзаро куч синашди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси жамоалари ҳам ушбу нуфузли мусобақаларнинг 24 йўналиши бўйича муносиб иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, мазкур беллашувлар давомида вакилларимиз 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида мусобақа ташкилотчисидан кейин фахрли 2-ўринни эгаллади.

Хусусан,

“Содиқ дўст” эркаклар жамоаси – 1 та олтин;

“Содиқ дўст” аёллар жамоаси – 1 та олтин;

“Ҳарбий-тиббий эстафета” жамоаси – 1 та олтин;

“Дала ошхонаси” жамоаси – 1 та олтин медалларни қўлга киритди.

Кумуш медалларга сазовор бўлган жамоаларимиз қуйидагилар:

“Элбрус ҳалқаси”;

“Мерганлик марраси”;

“Отлиқ марафон”;

“Қуролсоз уста”;

“Хавфсиз муҳит”;

“Муҳандислик формуласи”;

“Хавфсиз маршрут”;

“Қутб юлдузи”;

“Қўшинлар разведка аълочиси”.

Шунингдек, муросасиз кечган беллашувлар давомида бронза медалини қўлга киритган жамоаларимиз билан ҳам танишинг:

“Aвтозирхли танк-техника устаси”;

“Ишончли қабул”;

“Йўл патрули”;

“Саян юриши”.

Aйтиш керакки, мазкур мусобоқалар давомида жамоалар томонидан жами 37 та рекорд натижа қайд этилган бўлиб, шундан 10 таси Ўзбекистон Республикаси ҳисобига ёзилди. Хитой Халқ Республикаси 6 та, Беларус ва Ҳиндистон ҳисобида эса 2 тадан.

Хусусан, “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасида вакилларимиз 3 та рекорд натижаларини янгилади.

Қизғин ва муросасиз кечган “Элбрус ҳалқаси” мусобақасида ҳам юртдошларимиз мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди. Жумладан, кичик сержантлар Санжар Тўқлиев, Aбдумухтор Aбдуғаниев ва Aзимжон Ибрагимовлар “Тоғ тўсиқлар йўлаги” шартини 12 дақиқа 58 сонияда бажариб, рекорд натижа кўрсатган бўлса, “Музли ҳудуддан ўтиш” шартини адо этишда ҳам жамоамиз пешқадамлик қилди.

Ўғлонларимиз мазкур вазифани 11 дақиқаю 37 сонияда уддалаб, рекордлар сериясини давом эттирди.“Содиқ дўст” жамоасида сержант Улуғбек Нуриллаев “300 метрлик тўсиқларни хизмат итлари билан ўтиш” шартида 1 дақиқа 13 сония билан босиб ўтиб, тенгсиз эканини амалда намоён этди ҳамда рекорд ўрнатди.

“Мерганлар марраси” мусобоқасининг “Якка синов” беллашувида кичик сержант Фазлиддин Киргизов “Мўлжалга олиш нуқтасини ўзгартириб отиш” машқини 15 дақиқаю 6 сонияга бажариб, янги рекорд натижа кўрсатди.