Аёлларнинг Кобулдаги намойиши кўздан ёш оқизувчи газ ва ҳавога ўқ узиш билан тарқатилди. “Толибон” фаолларнинг тенглик талабларига шундай муносабат билдирган. Намойиш президент саройи яқинида бўлиб ўтди. Намойиш иштирокчиларидан бири жангарилар томонидан калтакланди, деб хабар беради “РИА Новости”.

Аввалроқ активистлар гуруҳи Кобулда аёлларнинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини ва уларнинг Афғонистон ҳукуматида иштирок этишини талаб қилиб митинг ўтказганлари ҳақида хабар берган эдик. Қайд этилишича, митингда иштирок этаётган аёллар турли соҳа вакиллари бўлиб, ҳар-хил соҳаларда ишлайди.

Митинг қатнашчилари “Таълим, меҳнат, эркинлик – фаровонлик йўлида”, – шиорлари билан “Толибон” дан таълим, меҳнат ва сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган.

Бу орада Покистон идоралараро разведка бошлиғи Файз Ҳамид Кобулга учиб кетди. У билан бирга юқори мартабали ҳарбийлар ҳам бор. Ҳамид Афғонистон пойтахтида қандай учрашувлар ўтказилишини айтмади, лекин Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлашга ҳаракат қилаётганини қайд этди.

ОАВ аввалроқ Ҳамидни “Толибон” раҳбарлари таклиф қилгани, у раҳбарлардан бири мулла Абдул Ғани Бародар билан учрашиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Покистон Ташқи ишлар вазири Шаҳ Меҳмуд Қурайший агар “Толибон”ни афғон халқи қўллаб -қувватласа улар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Маълумот ўрнида, Толибон Афғонистон пойтахтини 15 августда босиб олди. Ҳозирда мамлакат ҳукумати тузилмоқда. АҚШ бошчилигидаги Ғарб коалицияси кучлари 31 августда Афғонистонни бутунлай тарк этишди.