Сурия ҳаво мудофааси Исроил ҳарбий ҳаво кучлари томонидан берилган 24 та ракетанинг 21 тасини йўқ қилди, дея хабар берди “РИА Новости” нашри Россия САРда урушаётган томонларни яраштириш маркази бошлиғининг ўринбосари, контр-адмирал Вадим Кулит маълумотларига таяниб.

“3 сентябрь куни соат 1:30 атрофида Ливан ҳаво ҳудудидан Исроил Ҳарбий ҳаво кучларининг тўртта “F-15″ тактик қирувчи самолётлари Сурия Араб Республикасидаги нишонларга 24 та бошқариладиган ракета учирди”, деган у брифингда.

Таъкидланишича, ҳужумлар Россияда ишлаб чиқарилган “Бук-М2Э” ва “Панцирь-С1” комплекслари ёрдамида қайтарилган.

Дамашқ БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Исроилнинг Сурия ҳудудига ҳужумлари энди такрорланмаслиги учун чора кўришни сўрайди. Исроил мунтазам равишда Суриядаги нишонларга ракета зарбалари беришда давом этмоқда. “РИА Новости” хавфсизлик хизматларидаги манбага кўра, август ойида ушбу ҳужумлардан бирида тўрт киши ҳалок бўлган.