Шу йил замонавий 5 қаватли кардиохирургия, нейро-қон томир хирургияси ва трансплантология мажмуаси ишга туширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг кардиохирургия бўлимида йилига 400 га яқин юқори технологик операциялар, жумладан, ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш, кўтарилувчи аортани ҳамда юрак клапанларини тиклаш каби жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

Кардиохирургия бўлимининг замон талабларига мос, юқори технологиялар билан жиҳозланган операция хоналарига эга 5 қаватли 75 ўринга мўлжалланган биносининг очилиши ҳам кутилаяпти. Ушбу мажмуада нейро-қон томир хирургияси ва трансплантология бўлимлари ҳам фаолият кўрсатади.

Ҳозирда марказнинг кардиохирургия бўлими 15 ўринга мўлжалланган бўлиб, кунига иккитадан операция амалиётини бажариш имкониятига эга. Янги бино ишга тушиши билан ўринлар ва амалиётлар сони ҳам ортади.

«Таъкидлаш жоизки, марказнинг бир қатор мутахассислари дунёдаги етакчи ихтисослаштирилган кардиохирургия марказларида узоқ муддатли амалиёт ўтаб қайтишди. Шифокорлар Россия, Туркия, Австрия каби давлатларнинг етакчи марказларида таҳсил олиб, у ердаги мутахассислар билан ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилган. Бу эса марказимизда ўткир ишемик касалликнинг оғир асоратлари, чап қоринча аневризмаси, чап қоринча дисфункцияси, митрал клапаннинг ишемик етишмовчилигида энг мураккаб аралашувларни жорий этиш имконини берди»,— дейди РШТЁИМ директори Дониёр Алимов.