I Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ўйинлари доирасида 3 сентябрь куни Қозон шаҳридаги “Ак Барс” спорт саройида юнон-рум кураши бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон юнон-рум кураши бўйича умумжамоа ҳисобида 4 та медалга сазовор бўлиб, уларнинг 2 таси – кумуш ва 2 таси бронза медаллардир.

63 кг’гача бўлган вазн тоифасида ҳамюртимиз Аброр Атабаев иштирок этиб, бронза медални қўлга киритди.

72 кг’гача бўлган вазн тоифасида кечган курашларда ҳам жамоамиз вакили Жамол Жумабоев бронза медалига эгалик қилди.

Ҳамюртимиз Муроджон Алимжонов 77 кг’гача бўлган вазн тоифасида кураш олиб бориб, юнон-рум кураши бўйича “Қозон 2021” ўйинларининг кумуш медали соҳибига айланди.

82 кг’гача бўлган вазн тоифасида беллашувга киришган Муҳаммадқодир Расулов ҳам кумуш медалга лойиқ кўрилди.

Юнон-рум кураши беллашувлари якунига кўра, Россия жамоаси – 5 та, Озарбойжон жамоаси – 3 та ва Беларусь вакиллари 2 та олтин медални қўлга киритишди. Умумжамоа ҳисобида ушбу спорт тури бўйича 7 мамлакат жамоалари совринларни қўлга киритишди.

Шунингдек, 4 сентябрь куни МДҲ давлатлари ўйинларида эркин кураш баҳслари бўлиб ўтади. Бундан ташқари, кечки пайт мусобақаларнинг расмий очилиш маросими ўтказилади.