Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ва Ички ишлар органи ходимлари иштирокидаги ҳолат видеоси тарқалган. ИИББ ҳодиса юзасидан қуйидагича маълумот берди:

“28 август куни Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ патрул-пост хизмати ходимлари Ҳикматилла И. ва Фарходжон Х.лар Янгиҳаёт туманида тунги вақтдаги пиёда патруллаш давомида ҳатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган икки нафар фуқаро – 27 ёшли Турсунбой Н. ва 30 ёшли Улуғбек Г.ларни кўриб қолишган.

Ходимлар фуқароларнинг ёнига келиб, ўзларини таништиргач, жамоат жойида ниқобсиз юриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиришди. Сўнг фуқароларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида улар туман ИИО ФМБ ички ишлар бўлимига таклиф қилиндилар. Аммо йигитлар бу илтимосга жавобан қўпол тарзда қаршилик кўрсатиб, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлар. Турсунбой боши билан сафдор Ҳикматилла И.нинг бурун қисмига зарба бериб, унинг баданига ҳам шикаст етказган. Турсунбой ва Улуғбекнинг воқеа жойига йетиб келган патрул-пост хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниш жараёни видеога тушиб қолган. Ҳуқуқбузарлар ИИБга, жабрланувчи эса – тиббиёт муассасига етказилди”, дейилади Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабарида.

Шунингдек, мазкур факт бўйича тўпланган ҳужжатлар Янгиҳаёт тумани прокуратурасига йўналтирилган. Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Турсунбой Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (“Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом етмоқда.