АҚШ Афғонистонда эвакуацияни якунлашидан икки кун ўтиб, Мудофаа вазири Ллойд Остин мухбирлар билан учрашди. Бу ҳақда Америка Овози хабар бермоқда.

Америка тарихидаги энг йирик фуқаро эвакуациясини амалга оширдик. Қаҳрамонларча ва тарихий эвакуация“, – деди у.

Уруш осон нарса эмас. Даҳшатли, қонли, кечиримсиз. Дарҳақиқат ҳаммамиз азоб ва ғазабни ҳис қиляпмиз. Охирги 20 йил ва охирги 20 кунда бўлган воқеалар бизда ҳам азоб, ҳам ғазаб уйғотяпти“, – деди АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли.

Давлат департаментининг бир расмийсига кўра, Афғонистонда 100 дан ортиқ америкалик ҳамда АҚШнинг махсус муҳожирлик визасига ҳужжат топширган кўплаб афғонлар ва оилалари қолиб кетган. Генерал Миллининг айтишича, Қўшма Штатлар уларни эвакуация қилишда энди Толибон билан келишиши керак.

Бу ҳаракат ўтмишда шафтқатсизлиги билан танилган. Ҳозир ўзгарганми улар, йўқми, вақт кўрсатади“, – деди генерал.

Мудофаа вазири Ллойд Остинга кўра, ўтган ҳафта Кобул аэропортидаги хуружларда 13 АҚШ ҳарбийси ва 170 афғонни ўлдирган «Исломий давлат»нинг Афғонистондаги жангариларига қарши кураш давом этади. Генерал Милли Толибон билан бу борада ҳамкорлик қилиш эҳтимолини ҳисобдан чиқармади.

Толибонни биз ёки биз гаплашган бошқа давлат тан олиши ҳақида ҳозирча гап кетмаяпти. Бу уларнинг хулқи, халқаро ҳамжамиятга берган ваъдаларининг устидан чиқишига боғлиқ”, – дейди Оқ уй матбуот котибаси Женнифер Псаки.

Ана шундай ваъдалардан бири Афғонистонда қолган америкаликлар, мамлакатни тарк этишни истаган афғон инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлари ва бошқаларга кетишга рухсат бериш бўлди.

Бу одамлар эвакуацияси қандай ва қачон амалга оширилиши ҳозирча маълум эмас. Унгача эса улар жон сақлаш мақсадида яширинишга мажбур.

Шундай одамлардан бири эр-хотин журналист Цитораи Каримий ва унинг турмуш ўртоғи бўлиб, бир ой олдин Ҳиротдаги жангларни ёритган мухбирлар Покистонга чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Толибон сўзловчиси журналистларга эътирозимиз йўқ дегани билан уйма-уй юриб, мухбирларни қидиришмоқда. 200 дан ортиқ журналист ва фуқаролик жамияти фаоллари яширинишга мажбур бўлди. Энг муҳими, журналист аёлларга ишлашга рухсат беришмаяпти“, – дейди Цитораи Каримий.

Бироқ бугун Tolo News каналининг 15 августдан бери эфирга чиқмаган тонгги дастури жонланиб, уни аёл журналист олиб борибгина қолмай, студияга келган эркак меҳмонни интервью қилди.

Халқаро медиа ташкилотларга кўра, афғонистонлик ҳамкасбларни хавфсиз жойларга кўчириш осон бўлмаяпти. Минглаб одам ёрдам сўраб мурожаат қилмоқда, дейди Халқаро аёллар матбуот жамғармасидан Надин Хоффман.

“Ўлим ёқасида турган журналистларни қўллаб-қувватлашга қаратилган энг катта ва энг қийин амалиётга қўл урганмиз”, – дейди у. Мамлакатдан кетганлар ҳам ўзини хавфсиз ҳис қилмаслигини айтади.

“Покистонда бўлсак ҳам кўнглимиз ғаш, руҳиятимиз жойида эмас, хавотирдамиз”, – дейди афғон мухбири.

Аксарият журналистлар яқинда мамлакат ахборот зимистонига юз тутишидан ташвишда.

Жумбоқли вазиятга дуч келяпмиз. Агар журналистлар Афғонистонни тарк этса, у ердаги воқеалардан хабарсиз қоламиз. Агар кетишмаса, уларни касбий фаолияти учун ўлдиришлари мумкин“, – дейди Надин Хоффман.

Бу ўртада Толибон кучлари Кобулда блок-постлар ўрнатиб, вазиятни назорат қилмоқда. Сиёсатчилар эса янги ҳукумат бўйича гаплашмоқда. Толибон вакилларидан бири Аҳмадулла Муттақийнинг айтишича, президент саройи маросим учун ҳозирланмоқда. Бироқ ҳаракат сўзловчиси Забиҳулла Мужоҳид янги ҳукумат қачон тақдим этилишини айта олмади.

Афғонистон собиқ молия вазири ва Покистондаги собиқ элчиси Умар Заҳилвалнинг айтишича, мамлакатдан қочган президент Ашраф Ғани Афғонистонни диктаторларга хос услубда бошқаргани учун ҳам Толибон муваффақиятга эришди, чунки халқ ва хавфсизлик кучлари қаршилик кўрсатмади.

Заҳилвалга кўра, Ғани ҳар фурсатда тинчлик музокараларини издан чиқаришга ҳаракат қилди, Толибонни ҳукуматга киритгиси келмади.

“Толибон сўнгги йилларда мамлакатни якка бошқариш осон эмаслигини тушуниб етган деган умиддаман. Сўнгги 40 йил ҳокимиятни монополиялаштириш тараққиётга етакламаслигини кўришди”, – дейди собиқ дипломат.