Ижтимоий тармоқда “Новза масжиди олдида Жума номозига келганлар жаримага тортилмоқда” сарлавҳаси остида видео тарқалди. Ушбу видео юзасидан ЙҲХББ матбуот хизмати маълумот берди.

Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган “Новза” масжидига жума намозига келган айрим фуқаролар бошқарувида бўлган автомобилни Бунёдкор шоҳ кўчасига қатнов қисми четига параллель равишда 3 қатор тарзда қўйиб, ўзлари масжидга киришган.

Мазкур масжид атрофида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизматга жалб этилган ходимлар 3-қаторга қўйилган автомобилларни суратга олиб, профилактика учун, ҳайдовчи мазкур қоидабузарликни доимий такрорламаслиги учун, огоҳлантириш сифатида тушунтиришлар беришган.  ЙПХ Ходими вазиятни инобатга олиб қоидабузарликлар учун баённома расмийлаштирмаган.

“Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, транспорт воситаларини йўлнинг қатнов қисмида бир қатор қилиб, қатнов қисми четига параллель равишда кажаваси бўлмаган икки ғилдиракли транспорт воситаларини икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади.

Бунёдкор шоҳ кўчасида транспорт воситалари серқатновлиги кўпчиликка маълум. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларни олдини олиш ЙПХ ходимларининг мажбурияти ҳисобланади.

Қоидаларда ҳам тўхташ ва тўхтаб туриш тартиби аниқ белгиланган. Барча ҳайдовчилардан мазкур қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз”, – дейилади хабарда.